Билимли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

Билимли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

 

risunok2765756756gngegengengenglorlrplrplrol678678678aa.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган тарғибот-семинар ва учрашувларнинг моҳияти ҳам шунда – иқтидорли ёшларга мавжуд имкониятни шунчаки айтиб қўйиш эмас, балки унинг олдидаги йўлни аниқ кўрсатди.

Жумладан Жиззахдаги учрашувда университет талабалари, мактаб ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари битирувчилари, ёшлар етакчилари ҳамда давлат хизматчилари иштирок этди. Мулоқот давомида жамғарма стипендиялари, танлов шартлари, ҳужжат топшириш тартиби, хорижий тил билимига қўйиладиган талаблар ва чет элда таҳсил олиб қайтган ёшлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди..

Бугун дунёда таълим учун рақобат фақат олий ўқув юртлари ўртасида эмас, билим ва имкониятлар учун интилаётган ёшлар ўртасида ҳам кечмоқда. Шу маънода “Эл-юрт умиди”нинг ҳудудларга чиқиб, имкониятларни бевосита ёшларга етказаётгани муҳим.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, бугун бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида хорижда таҳсил олиш, шунингдек, истиқболли мутахассисларни хорижда мақсадли стажировкага юбориш имкониятларини қўллаб-қувватламоқда. Очиқ стипендия танловидан муваффақиятли ўтган стипендиатларнинг ўқиш тўловлари, виза, тиббий суғурта, йўлкира, яшаш ва кундалик харажатлари белгиланган тартибда қопланади.

Бу тизимнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан янада такомиллаштирилди. Ҳужжатда жамғарма фаолиятини кенг тарғиб қилиш, стипендия танловлари ҳақида аҳолига, айниқса, ёшларга кенг маълумот бериш ҳамда хорижда таҳсил олган кадрларнинг салоҳиятидан мамлакат тараққиёти йўлида самарали фойдаланишга қаратилган вазифалар белгиланган.