Беларусда кулолчилик санъати намойиши
Беларусда кулолчилик санъати намойиши

Беларуснинг тарихий ва табиий гўзаллиги билан машҳур ҳудуди бўлган Брест вилоятидаги миллий боғида юртимиз ҳунармандларининг кўргазмалари ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати устаси, таниқли кулол Бахтиёр Назиров иштирокида ижодий маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Маҳорат дарсида иштирокчилар ўзбек кулолчилик санъатининг нозик жиҳатлари, сирли нақшлари ва бетакрор услублари билан танишдилар. Табиат қўйнида ўтган ушбу учрашув санъатга ошно қалбларни бирлаштирди.
Тадбир давомида яратилган асарлар, уларнинг ясалиш жараёни ва устанинг маҳорати ҳамманинг эътиборини тортди. Ташриф буюрганлар Ўзбекистон маданиятига катта қизиқиш билдиришди.
Бу нафақат ҳунар алмашинуви, балки икки халқ ўртасидаги дўстона ва маданий алоқаларнинг яна бир порлоқ саҳифасига айланди.