Ҳаж – 2027: Зиёратчилар учун яратилган шароитлар сифати яхшиланади

Ҳаж – 2027: Зиёратчилар учун яратилган шароитлар сифати яхшиланади

 

risunok23124234143251345ukecuecukecukecuke345345345kecuke.jpg

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистонининг ҳаж хизматлари учун масъул идоралари вакиллари билан учрашди.

Унда “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик кўриш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш ҳамда ташкилий масалаларни такомиллаштириш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Учрашувда Саудия Арабистонидаги ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий ва Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мулоқотда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари натижасида ҳаж ва умра зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифати янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.Музокаралар давомида ҳаж мавсумида Мина, Арафот ва Муздалифа водийларида зиёратчиларга муносиб хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ушбу муқаддас масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт хизматларини яхшилаш ҳамда озиқ-овқат таъминотини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди ва тегишли вазифалар белгилаб олинди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, зиёратчиларга қулай ва муносиб шароитлар яратиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳамда ташкилий ишларни янада такомиллаштириш муҳимлигини қайд этди.