Автобуслар учун мўлжалланган “А” тоифасидаги алоҳида йўлаклар

Автобуслар учун мўлжалланган “А” тоифасидаги алоҳида йўлаклар

 

ssssodlibuegs.png

 

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини янада самарали ташкил этиш мақсадида автобуслар учун мўлжалланган “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказидан маълум қилинишича, Фурқат кўчасидаги Magic City ҳудудидан Ислом Каримов кўчасидаги Халқлар дўстлиги саройи атрофигача бўлган йўл қисмида автобуслар учун махсус “А” йўлаги ташкил этилиб, тегишли йўл чизиқлари чизилди. Айни кунларда ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратиб турувчи делиниаторлар (йўлни ажратувчи устунчалар) ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Делиниаторлар бошқа транспорт воситаларининг автобус йўлагига кириб кетишини чеклайди, тартибсиз қайта сафланишларнинг олдини олади ҳамда ҳайдовчиларга жамоат транспорти устуворлиги бошланадиган ҳудудларни аниқ кўрсатиб беради.

Маълумотга кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг 30 дан ортиқ кўчасида “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа инфратузилма элементлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади.