Атоқли мусиқа дарғаси
Атоқли мусиқа дарғаси
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида атоқли мусиқа дарғаси Фахриддин Содиқов таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ўтказилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, созанда, бастакор ва устоз Фахриддин Содиқов ижодий, ижрочилик, муаллимлик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У ўзбек мумтоз мусиқа анъаналарини изчил давом эттириб, ўзига хос услубда қўшиқ, ашула, куй ҳамда бошқа шакл ва жанрларда бир қатор асарлар яратиб, халқимиз ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Бастакорнинг яратган мусиқаси жўшқинлиги, мазмундорлиги, таъсирчанлиги билан тингловчига манзур бўлган.
Фахриддин Содиқов 1914 йилнинг 13 майида Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди. Аввал дутор ижрочилигини маҳалладаги катта ёшдаги болалардан ўрганди. Кейинчалик Чорсу гузарида жойлашган машҳур ҳофиз Шораҳим Шоумаров ташкил этган «Санои нафиса» жамоаси қошидаги ансамбль чиқишларини кузатиб борди ва тез орада уларга шогирд бўлиб тушди.

Бастакор, чангчи-созанда Ф.Содиқов меҳнат фаолиятини 1930 йили Ўрта Осиё темир йўл қошидаги клубда халқ чолғулари ҳаваскорлар тўгарагини ташкил қилишдан бошлади.
1972 йилда Тошкент давлат консерваториясида янги ташкил топган Шарқ мусиқаси кафедрасида ишлаб, мақом ижрочилиги бўйича талабаларга устозлик қилди. Ф.Содиқов мусиқанинг турли жанрларида ижод қилди. Унинг ижодида куй, қўшиқ ва ашула алоҳида ўрин тутади. У классик ва замондош шоирлар шеърларига 300 дан ортиқ асарлар яратди.