Янги Ўзбекистоннинг муҳим стратегияси
Янги Ўзбекистоннинг муҳим стратегияси

Етук кадрлар тайёрлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шу мақсадда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2018 - 2025 йилларда 2,3 минг нафарга яқин стипендиат дунёнинг 45 мамлакатига таълим олишга юборилди.
Бугунги кунда 1,4 минг нафардан ортиқ битирувчи Ўзбекистонга қайтиб келиб, иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда. 740 нафардан ортиқ стипендиат ҳозирда дунёнинг нуфузли Топ-300 талик рейтингига кирувчи университетларда таҳсил олмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларни ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.
Янги стратегия доирасида ҳудудлардаги истеъдодли ёшлар, аёллар, илм-фан ва давлат бошқаруви соҳаси вакилларини уларнинг жойлашуви ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу барқарор ривожланишнинг глобал мақсадларига, жумладан, “Ҳеч ким ортда қолмасин” деган муҳим тамойилга ҳамоҳанг.