Янги Ўзбекистон қандай ўзгармоқда

Янги Ўзбекистон қандай ўзгармоқда

 

hgfdghdfsghsrthtysgdfbhsrthshyasthgsdfgbsertgaertgaergadfg.jpg

 

Бугунги глобаллашган дунёда давлатларнинг нуфузи фақат географияси, табиий бойликлари ёки ҳарбий қудрати билан эмас, балки улар ҳақида шаклланган тасаввур — ишонч, шаффофлик ва барқарорлик билан ҳам ўлчанади. Бу тасаввурни шакллантиришда халқаро рейтинг ва индекслар алоҳида ўрин тутади. Улар замонавий дунё ойнаси каби. Ҳар бир мамлакат унда ўз аксини кўради — баъзан ёрқин, баъзан эса камчиликлари билан намоён бўлади.  

Халқаро рейтинг ва индекслар давлатларнинг сиёсий-ҳуқуқий тараққиёти, ислоҳотлар суръати ва институционал салоҳияти ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантирувчи муҳим ахборот воситасига айланди. Ана шундай манбалардан бири — Қонун устуворлиги индекси (Rule of Law Index) бўлиб, у World Justice Project (WJP) томонидан тайёрланади. WJP ўзини қонун устуворлигини глобал миқёсда илгари суришга қаратилган мустақил, кўп тармоқли ташкилот сифатида тавсифлайди. Ташкилотнинг расмий маълумотларига кўра, 2025 йилги индекс 143 мамлакат ва ҳудудни қамраб олган, баҳолаш 8 та омил ва 44 та субомил асосида тузилган ҳамда 215 мингдан ортиқ аҳоли сўрови ва 4 100 дан зиёд ҳуқуқшунос ҳамда эксперт жавобларига таянган. Демак, бу ҳисоботга енгил-елпи эмас, жиддий таҳлилий манба сифатида қараш лозим.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатида Ўзбекистонда 577,2 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Шундан 421 минг  969 таси тадбиркорлик субъектлари, 417 минг 250 таси эса кичик бизнес субъектларидир. Айни пайтда, хорижий инвестициялар иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 19 минг 72 тага етган бўлиб, уларнинг 4 минг 392 таси қўшма корхона, 14 минг 680 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади. Бу рақамлар янги Ўзбекистонда маъмурий тўсиқларни қисқартириш, тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш ва ташқи капитални жалб қилишга қаратилган ислоҳотлар 2026 йилда ҳам изчил давом этаётганини кўрсатади.