Янги йилнинг асосий байрам тантаналари
Янги йилнинг асосий байрам тантаналари
Поёнига етаётган йилни кузатиб, янгисини қарши олиш ўзига хос шодиёнага айланган. Шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида байрам шукуҳи ҳукмрон. Оппоқ қорнинг беғуборлигини ўзида мужассам этган Янги йил эшик қоқмоқда.
Янги йилнинг асосий байрам тантаналари бу гал ҳам пойтахтимизнинг Истиқлол кўчасида жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг олд майдонида ташкил этилади. Ҳозирда масканда байрамни юксак савияда ўтказиш, ташриф буюрувчиларга хуш кайфият улашиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Майдонга байрамнинг улкан Бош арчаси ўрнатилиб, турфа ўйинчоғу турли рангдаги чироқлар билан безатилаётир. Тантана жойи байрамга мос кўринишга келтирилмоқда. Бадиий дастурлар, саҳналаштирилган томошалар, байрам ярмаркалари учун жой ҳозирланаётир.
Бу ерда байрам тантаналари 25 декабрдан бошланиб, 10 январга қадар давом этади.