Янги “яшил” ташаббуслар
Янги “яшил” ташаббуслар

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда иккита халқаро лойиҳаси амалга оширила бошланмоқда.
Лойиҳалардан бири “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ва 7-Миллий ҳисоботини янгилашни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастур” бўлиб, жаҳоннинг 69 давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётган глобал лойиҳанинг бир қисмидир..
Биологик хилма-хилликни сақлаш ва экотизимларни тиклашга қаратилган янги лойиҳа соҳа вакиллари томонидан юқори баҳоланмоқда. Ғарбий Тянь-Шань, Нурота ва Кўҳитанг тоғ тизмаларида экотизим барқарорлигини ошириш ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича ташаббуслар, шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
“Ўзбекистоннинг юқори қийматга эга ландшафтларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича комплекс бошқарув” бўйича йирик лойиҳа пухта ишлаб чиқилган ва инклюзив сиёсат орқали экотизимларни тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экотизимларни тиклаш жараёнларида инновацияларни қўллаш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича самарали ва барқарор молиялаштиришни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга қаратилган. Ушбу лойиҳани амалга оширишда асосий ҳамкорлардан бири 2024 йилда Тошкентда минтақавий ваколатхонаси расман очилган Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқидир. Лойиҳанинг тажриба ҳудудлари Ғарбий Тянь-Шань, Нурота тизмаси ва Кўҳитанг ландшафтлари ҳисобланади.