Андижонда “Хон атлас” кунлари
Андижонда “Хон атлас” кунлари

Андижонда ҳафтанинг ҳар жума кунида миллий либослар тарғиботига бағишланган “Хон атлас” кунлари ўтказиб борилади.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, ўзбекона кийиниш маданияти, миллий либос ва анъаналаримизни кенг тарғиб этиш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида – корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда таълим масканларида “Хонатлас” кунлари ўтказилиши анъанага айланмоқда.
Миллий мафкура ва маънавий қадриятларни шакллантириш, ёшлар тарбиясида кийиниш маданиятини тўғри йўналтириш муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимиз кўркам ва ўзига хослиги билан ҳар қандай кишини ҳайратга солади.
Доимий ўтказиб бориладиган “Хон атлас” кунлари ёшлар қалбида миллий либос, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, кийиниш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.