Алишер Навоийнинг "Хамса" асари араб тилига таржима қилинади
Алишер Навоийнинг "Хамса" асари араб тилига таржима қилинади

Алишер Навоийнинг "Хамса" асари араб тилига таржима қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида Юнус Эмре номидаги Турк маданияти маркази директори Эмин Бойраз билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда умумтуркий маданиятни Мисрда ва бошқа араб давлатларида тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Алишер Навоий тўғрисида араб дунёсида маълумотлар ниҳоятда камлигини қайд этишди. Шу пайтга қадар турк мумтоз адабиёти дурдоналари, ғазал ва рубоийлари араб тилига етарли даражада ўгирилмаган.
Ўзбекистон ва Туркия олимлари, Мисрдаги туркийшунослар кўмагида Алишер Навоийнинг "Хамса" асарини араб тилига таржима қилиш истиқболлари кўриб чиқилди ва ушбу йўналишда адабий алоқаларни ўрнатишга келишиб олинди.
Шунингдек, томонлар Навоий ва унинг ижоди, ал-Фарғоний томонидан лойиҳалаштирилган Қоҳира Нилометри ва эски Қоҳирадаги Ибн Тулун масжидига оид араб ва инглиз тилларида ҳужжатли фильмлар суратга олиш муҳимлигини ҳам таъкидлашди.