Алишeр Навоий дeвонининг Истанбулдаги янги нашри

Алишeр Навоий дeвонининг Истанбулдаги янги нашри

 

hsfhsfdhdh.jpg 

 

Алишер Навоийнинг дунё адабиётидан ўрин олган дурдона асарлари олти асрдан бери авлоддан-авлодга ўтиб, халқнинг онг-у тафаккурига таъсир этиб, унинг ҳақиқат ва эзгу умидларини ифодалайди. Навоийнинг асарлари нафақат маҳаллий, балки хорижий матбааларда ҳам нашр этилиб, китобхонларга тақдим этилмоқда.

Шундай ноёб асарлардан бири – “Бадоеъ-ул-бидоя” девони Туркиянинг Истанбул шаҳрида чоп этилди. Китоб профессорлар Ваҳит Турк ва Жаббор Эшонқул саъй-ҳаракатлари билан Туркия ёзма асарлари кенгаши раёсати ҳомийлигида юксак полиграфик мезонларданашр қилинган. 

Ушбу нашрда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида 216-рақам остида сақланилаётган “Бадоеъ-ул-бидоя” девонига таянилган. Бу ноёб қўлёзма 1486 йилда хаттот Али ибн Нур томонидан Ҳиротда китобат қилинган. Асарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у шоирнинг ўзи томонидан тартиб берилган биринчи расмий девони ҳисобланади. 

Шу вақтгача девоннинг муаллиф ҳаётлигида кўчирилган саккиз нусхаси фанга маълум. Булар 1480-1501 йилларда нашр қилинган Париж, Лондон, Теҳрон, Боку, Истанбул, Тошкент, Теҳрон  II нусхаларидир. Истанбул нашрига айнан Тошкент нусханинг асос қилиб олинганига сабаб эса матннинг тўғрилиги ва шеърлар миқдорининг кўплиги ҳамда шоирнинг бевосита назаридан ўтганлик эҳтимоли билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, мазкур китобда дебоча остидан ўрин олган Ҳусайн Бойқаро исми зарҳал сиёҳда битилган. Матншунос олим O.Жўрабоевнинг фикрича, бу қўлёзма шоҳ Ҳусайн Бойқаро кутубхонаси учун махсус тайёрланган ва унинг матни нисбатан саҳиҳроқдир. 

“Бадоеъ-ул-бидоя”нинг янги нашри туркий дунё адабиётини яна бирқимматли манба билан бойитди. Зеро, китобнинг аввалида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таъкидлаганидек, турли соҳа ва фанга оид бой, ноёб матнларни асраб-авайлаш, таржима ёки факсимил нашрларни эълон қилиш цивилизациянинг муҳим бўғинларидан саналади.