Ҳафталик дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлайди

Ҳафталик дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлайди

 

risunok1jpgnenken4564564564564enkenkenukencu456nc345.jpg

Мамлакатимизда эълон қилинган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Наманган вилоятида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” эзгу ғояси остидаги маданий, маънавий-маърифий тадбирлари кўтаринки руҳда бошланди.

Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳафталикнинг мазмун-моҳияти, режалаштирилган тадбирлар ҳақида тўлақонли ахборот берилди. Миллий маданий марказлар мутасаддилари бу борада қаратилаётган шароитлар ва амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталишди.

Ҳафталик давомида вилоятимиздаги барча умумтаълим мактаблари ва олий ўқув муассасаларида “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзуида иншолар танлови, “Менинг бағрикенг ўлкам” шиори остида шеъриятхонлик ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади, – деди Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича котибияти мудири Исфандиёр Улуғбоев. – Қўшни Марказий Осиё давлатлари билан чегара ҳудудлари саналган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи ва Учқўрғон туманларида “Биз – ягона халқмиз!”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар уюштирилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда истиқомат қилаётган ўндан ортиқ турли миллатлар ва дин вакиллари иштирокида дарахт кўчатларини экиш акциялари ўтказилади.