Ҳадис илмининг нодир мероси
Ҳадис илмининг нодир мероси
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда тарихий хотирани тиклаш, буюк аждодлардан қолган маънавий меросни ўрганиш ва уни янги авлод онгига сингдириш, дунёга кенг тарғиб қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтмишда ислом олами учун кўплаб беназир алломаларни тарбиялаб, камолга етказган Термиз шаҳрида буюк ҳадисшунос олим Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, Термизий ва Термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилди. Эндиликда бу марказ нафақат буюк алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишга, балки унинг илмий ютуқларини жаҳон илм майдонига олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Марказ қошидаги бой кутубхона ҳам ёшларга билим бериш ва илмий изланишларни ривожлантиришга йўналтирилган.
Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилиб, ёш авлодга ҳадис, фиқҳ, ақида, тил ва бошқа исломий фанларни мукаммал ўргатиш, Имом Термизий номидаги Ислом институти очилиб, олий диний таълим даражасида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, ўтган йил Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Яратилган бундай имкониятлар натижасида илмий марказда ҳадис илмининг буюк мутахассиси сифатида тан олинган Имом Абу Исо ат-Термизийнинг бой илмий мероси нафақат янада кенг ўрганилмоқда, балки талабаларга ўқитилиб, ибратли ҳаёт йўли билан яқиндан таништирилмоқда.