Абу Райҳон Беруний

Абу Райҳон Беруний

 yvaryvryvkryker.jpg

     Буюк ватандошимиз Хоразмнинг азиз фарзанди, улуғ олим Абу Райҳон Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Хоразмнинг Кот (ҳозирги Беруний) шаҳрида туғилган. У ўз ижоди билан Хоразм фанини юксак чўққига олиб чикди. Унинг сиймосида ўрта асрлар Шарқининг қомус ул-илими, астрономи, географи, маъданшуноси, этнографи, тарихчиси, шоири мужассамлашган.

     Маълумотигакўра  Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, 16-17 ёшларидаёқ Қуёшнинг чошгоҳдаги баландлигини ўлчаган. Ёшлик йилларида у қуёш тутилишини кузатиш билан шуғулланади.

     22 ёшида Беруний Марказий Осиёда биринчи бор ер глобусини яратди. Ўзидан олдинги аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганади ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари ҳақидаги илк йирик асари – “Осорул боқия”ни (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) яратади. Унда юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хорзамийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг барча даврлари, байрам ҳамда тақвимлари, шунингдек Шарқнинг турли мамлакатларининг маданият ва адабиёт тарихи тўла баён этилган. Бу асарда Беруний ўзини фақат элшунос олим эмас, балки тилшунос, араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тил ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида намоён этди.

     998 йилда Журжон ҳокими Қобус ибн Вушмагир уни ўз шаҳрига таклиф қилади ва Берунийга олий лавозим, яъни вазирликни таклиф қилади. Аммо илмга ташна Беруний бу таклифни рад қилади ва илм билан шуғулланади. Бундан ташқари у Журжониядалигида ўзининг “Осорул боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини яратди.

     1004 йилда у Хоразмшоҳ Маъмун II нинг таклифига биноан Гурганчга қайтиб келади ва Гурганчда шоҳ номидаги “Маъмун академияси”ни барпо этади.Бу академияда Абу Али ибн Сино, Мискавайх, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, таржимон ва ҳаким Абул Хайр ибн Хаммор, адиб ва шоир Абу Мансур ас- Саолабий, Зайниддин Журжоний ва бошқа ўнлаб олимлар илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшдилар ва ажойиб асарлар яратдилар.  Қирқдан ошиқ олимлар ишлаб фаолият кўрсатган илмий марказда ўз даврининг етук инсонлари математика, астрономия, руҳият, химия, мантиқ, тиббиёт, фалсафа, тарих, тилшунослик, таълим-тарбия, адабиёт, мусиқа, география, геодезия, топография, механика сингари турли фан соҳалари билан шуғулланиб, уларнинг келажакда жаҳон миқёсидаги ривожига замин яратганлар.

     Беруний “Ҳиндистон тарихи” асарини ҳамда 1025 йилда “Геодезия”, 1030-1041 йиллар оралиғида “Ал-Қонун ал-Масъудий”, 1041-1048 йилларда “Минералогия” ҳамда “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб” асрларини яратди. Олимнинг фан тараққиётига қўшган ҳиссаси жуда улкан бўлиб, у 152-та рисола яратган, шундан 30 таси бизгача етиб келган.

     Буюк бобокалонимиз 1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот қилган. Буюк олимнинг номи абадийлаштирилиб, юртимизда кўпгина илмий марказлар, кўчалар, шаҳар, қишлоқлар фахр ила олим номи билан аталади.