Абдулхолиқ Ғиждувоний
Абдулхолиқ Ғиждувоний
Мусулмон Шарқида машҳур тариқат пири, хожагон-нақшбандия силсиласининг асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. У бошланғич таълимни Ғиждувонда олиб, 9 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билган, 10 ёшидан бошлаб дарвешларнинг зикр тушишларида фаол иштирок этган. Кейин таҳсилни Бухоро шаҳрининг машҳур мадрасаларида давом эттиради. Бу ерда у Имом Садриддин исмли замонасининг етук алломасидан тафсир илмини мукаммал ўрганади.
Абдулхолиқ 22 ёшида Бухорога келган ўша даврнинг донгдор шайхи Хожа Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга шогирд тушади. Хожаи Хизр унинг сабоқ пири бўлса, Хожа Юсуф суҳбат ва хирқа пирига айланади. Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Хожа Юсуф Ҳамадоний Хуросонга қайтиб кетгунига қадар у буюк зотнинг хизмат-мулозаматида бўлиб, хожагон тариқатининг усулларини мукаммал эгаллайди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Юсуф Ҳамадоний таълимотини ҳар томонлама кенгайтириб ва чуқурлаштириб, хожагон тариқатининг 8 рашҳа-қоидасини ишлаб чиқди. (
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф оламида машҳур кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Унинг вафотидан кейин хожагон тариқати Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Мир Кулол Бухорий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби ўз замонасининг донгдор шайхлари томонидан давом эттирилган ва кенг шуҳрат қозонган.