Абадият садолари

 Абадият садолари

 

uvacucuvkacuvaycfuvacu.jpg

 

       Ўзбекистоннинг замонавий маданий ҳаёти янги даврга қадам қўймоқда. Бунда кўп асрлик меросга бўлган чуқур эҳтиром глобал интеграцияга интилиш билан уйғунлашаётганини кўришимиз мумкин. Италиялик дунёга машҳур тенор Андреа Бочеллининг Самарқанддаги афсонавий Регистон майдонида бўлиб ўтган мамлакат тарихидаги илк концерти ушбу янгиланишларнинг энг ёрқин ва рамзий воқеаларидан бири бўлди. Бу воқеа шунчаки оддий концертлардан бири эмас, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги ролини бутун дунёга яққол намоён этган улкан ҳодиса. Энг улуғ байрамимиз арафасида бўлиб ўтган ушбу концерт мамлакатимизни глобал мулоқот ва маданий алоқалар маркази сифатида қайта тиклашга қаратилган стратегик саъй-ҳаракатларнинг навбатдаги чўққиси бўлди.

       Ушбу тарихий кеча учун Регистон майдонининг саҳна сифатида танланиши чуқур рамзий маънога эга, албатта. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти сифатида эътироф этилган майдон икки ярим минг йилдан ортиқ вақт давомида жаҳон маданиятлари чорраҳаси бўлиб хизмат қилган. Бир пайтлар савдо йўллари туташган, олимлар ва файласуфлар фикр алмашган нуқта. Айнан шу ерда, XV асрда Шарқнинг муҳим интеллектуал марказларидан бири бўлган Улуғбек мадрасаси ва йўлбарсларнинг бетакрор тасвирлари акс этган “Шердор” мадрасаси фонида, юртимизнинг энг гўзал қадимий меросига жон бахш этилгандек, энди у тарихий экспонатдан келажакдаги ютуқлар сари руҳлантирувчи майдонга айлангандек.

Абадият садоларига йўғрилган оҳанглар

       Самарқанднинг Регистон майдонида ташкил этилган концерт жаҳон юлдузлари ва миллий санъатимизнинг етакчи вакилларини бир саҳнада жамлади. Кечанинг асосий меҳмони, шубҳасиз, бутун дунёда эътироф этилган итальян қўшиқчилик анъанасининг рамзи Андреа Бочелли эди. 90 миллиондан ортиқ сотилган пластинкалар, 6 мартадан Grammy ва Latin Grammy мукофотлари ва бошқа кўплаб улкан муваффақиятлар унинг нақадар номдор санъаткор эканлигини кўрсатади.

       Машҳур опера театрлари, жумладан, Ковент-Гарден, Ла Скала, Вена давлат операси ва Метрополитен-опера саҳналаридаги чиқишлари билан замонамизнинг энг машҳур опера қўшиқчиларидан бирига айланган Аида Гарифуллина кечанинг махсус меҳмони бўлди. Унинг иштироки маэстро ижросини ўзига хос тарзда тўлдирди, десак муболаға бўлмайди. Жаҳоннинг икки юлдузига Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ва мамлакатнинг етакчи хор жамоалари ҳам жўр бўлди. Бундай даражадаги санъаткорларнинг миллий истеъдодлар билан уйғунлашуви тадбирнинг ўзига хос хусусиятини юзага чиқарди, Янги Ўзбекистоннинг дунёга очиқлиги ва маданий мулоқотга тайёрлигини намойиш этди.