2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар
2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда жорий йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида иқтисодиётимиз прогноздан анча юқори суръатда – 7,6 фоизга ўсди. Саноат ҳажми 6,8 фоиз, қурилиш – 14,2 фоиз, хизматлар – 14 фоиз, қишлоқ хўжалиги – 4,1 фоизга ошди.
Аҳоли даромадлари 18,4 фоизга, омонатлар 35,3 фоизга, ўртача иш ҳақи эса 19,2 фоизга ўсди. Сўровлар аҳоли ва бизнес ўртасида ишонч муҳити кучайганини, янги иш ўринлари ва даромад манбалари кенгаяётганини кўрсатмоқда.
Мутасаддилар келгуси йилда ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражасида таъминлаб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 150 миллиард доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм йўналтириш, инфляцияни 7 фоиздан ортиқ бўлмаган даражада сақлаб қолиш прогноз қилингани юзасидан ахборот берди.
Президентимиз бу режаларга эришиш учун барча имконият ва шароит мавжудлигини таъкидлаб, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари жиддий эътибор қаратиши зарур бўлган муҳим масалаларни кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, 2026 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.