1 февралдан қонунчиликдаги ўзгаришлар
1 февралдан қонунчиликдаги ўзгаришлар

"Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 февралдан оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида "Оналар маскани" хизмати йўлга қўйилади.
"Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда "ижтимоий карта" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи "1070" қисқа рақамли ва тун-у-кун фаолият кўрсатадиган хизмати ("Ишонч телефони") фаолияти тест режимида йўлга қўйилади.
"Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини кўрсатган, Ўзбекистон билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунигача фойда солиғидан озод этилади.
"2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан Касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.
"Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда "ижтимоий карта" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан ижтимоий карта орқали тўланган нафақа, компенсация ва бошқа тўловлар (ижтимоий тўлов) маблағларидан ижтимоий тўловларни олувчи оилаларнинг аъзолари, Камбағал оилалар реэстрига киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда охирги 12 ой давомида "Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзоларига спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотлар учун тўловни қабул қилиш тақиқланади.
"Мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан тажриба-синов тариқасида 2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳридаги, 2025 йил 1 июлдан эса қолган барча давлат МТТларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар "Болалар боғчаси" ахборот тизими орқали амалга оширилади.