Жиззах дунё нигоҳида

Жиззах дунё нигоҳида

 

tbttt.jpg

Жиззах вилояти бу йил яна бир йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилиш арафасида. Табиат, маданият ва замонавий туризм имкониятларини ўзида мужассам этган “Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивали нафақат ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этади, балки мамлакатимизнинг халқаро туризм харитасидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу жараёнда Жиззах вилояти ҳам ўзининг бой табиий ресурслари, ноёб ландшафтлари, миллий қадриятлари ва замонавий туризм инфратузилмаси билан алоҳида ажралиб турибди.

“Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивали айнан шу имкониятларни ягона майдонда намоён этишга қаратилган йирик маданий-туристик лойиҳа ҳисобланади.

“Open Air” атамаси халқаро амалиётда очиқ осмон остида ташкил этиладиган оммавий фестиваллар, маданий тадбирлар ва туристик форумларни англатади. “Jizzakh Open Air” эса Жиззах вилоятининг бетакрор табиати, тоғли ҳудудлари, миллий анъаналари, гастрономик мероси ва замонавий туризм салоҳиятини маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонларга намойиш этишга қаратилган халқаро майдон вазифасини бажаради.

Мутахассислар таъкидлаганидек, бугунги кунда дунё туризм бозорида айнан табиат қўйнида ташкил этиладиган фестиваллар сайёҳларни жалб қилишнинг энг самарали воситаларидан бирига айланмоқда. Шу маънода, Жиззах вилоятининг Зомин миллий табиат боғи, Фориш туманининг экотуризм масканлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Ухум қишлоғи ва бошқа сайёҳлик объектлари фестивалнинг табиий устунликларини ташкил этади. Вилоятда кейинги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.