Зиёлилар миллий юксалиш йўлида ўз зиммаларига муҳим масъулиятларни олди
Зиёлилар миллий юксалиш йўлида ўз зиммаларига муҳим масъулиятларни олди
Ўзбекистон Республикаси Зиёлилар кенгашининг республика йиғилиши якунида мамлакатимизда миллий юксалишни таъминлаш, илм-фан ва маърифатни ривожлантириш, миллий қадриятлар ва тарихий меросни асраб-авайлашга қаратилган Аҳднома қабул қилинди. Унда зиёлиларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни, интеллектуал салоҳиятни рўёбга чиқариш ҳамда келажак авлод олдидаги масъулияти 15 та муҳим йўналишда белгилаб берилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган республика йиғилиши давомида илм-фан, таълим, маданият ва санъат намояндалари, олимлар, адиблар, ижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари мамлакат тараққиётининг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Еттита йўналишда ташкил этилган шўъбаларда билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, йиғилиш якунида Аҳднома қабул қилинди.
Ҳужжатни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ўқиб эшиттирди.
Аҳдномада таъкидланганидек, глобал ўзгаришлар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар тараққиёти, ижтимоий-сиёсий ҳамда экологик жараёнлар жадаллашаётган бугунги шароитда илм-фан ва интеллектуал салоҳиятнинг мамлакат ривожидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу эса зиёлилардан янгича ёндашув, фаол фуқаролик позицияси ва юксак масъулиятни талаб этади.
Ҳужжатда зиёлилик тушунчасига алоҳида урғу берилиб, унинг моҳияти фақат лавозим, унвон ёки илмий даража билан эмас, балки ўз сўзига ва бурчига содиқлик, жамият манфаатлари йўлидаги хизмат билан белгиланиши қайд этилди.
Аҳдноманинг биринчи йўналиши давлат ва жамият тараққиётида зиёлиларнинг иштирокини кучайтиришга қаратилган. Унда интеллектуал эркинлик ва касбий мустақилликни ҳимоя қилиш, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларни холис ўрганиш, давлат дастурлари ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик қарорларни илмий баҳолашда университетлар ва тадқиқот муассасалари имкониятларидан кенг фойдаланиш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, инсон қадри ва фуқаролик ўзлигининг ғоявий-интеллектуал асосларини мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини таъминлаш, ватанпарварлик, ижтимоий ишонч, фуқаролик ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни ривожлантириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Ёш авлод тарбияси масаласи ҳам Аҳдноманинг устувор йўналишларидан бири бўлди. Оила, таълим муассасалари ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, миллий тарбияни замонавий билим ва мустақил фикрлаш маданияти билан уйғунлаштириш, иқтидорли ёшлар ҳамда ёш олимларга устозлик қилиш зарурлиги таъкидланди.
Она тилимиз, адабиёт ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган вазифалар ҳам алоҳида ўрин олди. Давлат тилининг илм-фан ва рақамли технологиялардаги қўлланишини кенгайтириш, илмий таржима ва нашриёт фаолиятини ривожлантириш, миллий адабиётни халқаро майдонда тарғиб қилиш, кутубхоналарни маърифат ва интеллектуал мулоқот марказларига айлантиришга ҳисса қўшиш белгиланди.
Тарихий хотира ва маданий меросни асраш, давлатчилик анъаналари, архив ва қўлёзма манбаларни илмий ўрганиш, мерос объектларини муҳофаза қилиш ва рақамлаштириш, миллий санъат, театр, кино, ҳунармандчилик ҳамда креатив иқтисодиётни замонавий имкониятлар билан боғлаб ривожлантириш ҳам зиёлилар зиммасидаги вазифалар сифатида белгиланди.
Аҳдномада илм-фан ва инновацияларни мамлакат ҳамда ҳудудларнинг долзарб эҳтиёжларига йўналтириш, тадқиқот муассасалари, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, экология, аҳоли саломатлиги, сув ва энергия ресурслари бўйича фанлараро изланишларни кенгайтириш масалалари ҳам қамраб олинди.
Замонавий ахборот маконида медиа саводхонлик ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ошириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан масъулиятли фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ахборот манипуляциялари ҳамда болаларнинг рақамли хавфсизлигига доир хатарларни ўрганиш ва уларнинг олдини олиш йўлларини таклиф этиш вазифалари ҳам белгиланди.
Бундан ташқари, илмий-интеллектуал ва маънавий-маърифий соҳаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонунчиликни таҳлил қилиш, ҳуқуқий бўшлиқлар юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш, Кенгаш доирасида доимий интеллектуал мулоқот ва эксперт ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳужжатда илмий фаолиятда ҳалоллик, тадқиқот этикаси ва илмий натижалар ишончлилигини таъминлаш, плагиат ва сохта натижаларга муросасиз муносабатда бўлиш, очиқ илм-фан тамойилларини ривожлантириш ҳам зиёлиларнинг муҳим бурчи сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига таъсир этувчи технологик, демографик, ижтимоий-сиёсий ва экологик тенденцияларни олдиндан баҳолаш, стратегик прогнозлаш тизимини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро интеллектуал ва маданий ҳамкорлигини кенгайтириш, ҳудудларда илмий-маърифий инфратузилма имкониятларини ошириш вазифалари ҳам белгилаб берилди.
Аҳдноманинг муҳим жиҳатларидан бири — унинг ижросини таъминлаш механизмлари ҳам назарда тутилганидир. Хусусан, Кенгаш доирасида билдирилган таклифларни умумлаштириш, устувор ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш, уларнинг натижаларини кузатиб бориш ва давлат ҳамда жамоат ташкилотларига илмий асосланган тавсиялар тақдим этиш белгиланди. Шунингдек, илмий, маърифий ва ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг барқарор молиявий ва институционал механизмларини ривожлантиришга кўмаклашиш вазифаси ҳам ўрин олди.
Аҳднома якунида илм-фан ва маънавий меросни асраш ва бойитиш, замонавий билим ва илмий тафаккурни жамият тараққиётига хизмат қилдириш, ёш авлоднинг интеллектуал ва ижодий камолотига муносиб ҳисса қўшиш зиёлиларнинг муштарак масъулияти экани таъкидланди.
Эътиборли жиҳати, Зиёлилар кенгаши ҳар йили йиғилиб, қабул қилинган Аҳднома ижроси юзасидан очиқ ҳисобот бериб бориши белгиланди.
Зеро, ҳужжатда алоҳида таъкидланганидек, “Аҳдимиз нафақат бугунги сўзимиз, балки эртанги ишимиздир”.




