Жамоат транспортини янада яхшиланади

Жамоат транспортини янада яхшиланади

 

caporvproarolprolprolprolpneuuu.jpg

 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини янада   яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда аҳолига қулай, хавфсиз ва экологик тоза жамоат транспорти хизматини кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги уч йилда пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий электробус ва автобуслар олиб келинди. Брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам йўналиш йўлга қўйилди.

Натижада ҳар куни йўналишга чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етди. Кунлик қатновлар сони 2022 йилдаги 18 мингтадан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошди. Шу орқали 4,8 мингта янги иш ўрни яратилди.

Тақдимотда жамоат транспортини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди. Урбанизация жараёнлари тезлашаётгани, пойтахт ва вилоят марказларига туташ ҳудудларда аҳоли ҳаракати кескин кўпайгани сабабли шаҳарларга киришда қатновлар 30 фоизга ошгани қайд этилди.

Шу муносабат билан шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш таклиф қилинди. Бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади.