Ватанга қайтарилаётган маданий бойликлар
Ватанга қайтарилаётган маданий бойликлар
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистондаги мегалойиҳа очилиши муносабати билан ўтказиладиган халқаро кўргазма, хориждан олиб келинадиган қўлёзмалар, экспонатлар ҳақида маълумот берди. Хорижий мамлакатлардаги қатор музей ва кутубхоналар, шахсий тўпламлар раҳбарларининг ушбу кўргазмасидаги иштироки бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
“Биз 25 апрель — 2 май кунлари Буюк Британиянинг “Sotheby’s” ва “Christie’s” аукцион уйларидан Ўзбекистон маданий меросига оид 46 та лотни сараладик. Айни пайтда уларни сотиб олиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар давом этяпти. Биз бу тарихий меросни қайтадан қўлга киритаётганимизни жаҳон илмий жамоатчилигига етказишимиз керак. Шу боис, Буюк Британия ва Францияда шу масалада халқаро тадбирлар ўтказишни режалаштиряпмиз", — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Илмий кенгаш аъзолари томонидан ушбу халқаро тадбирларда иштирок этадиган ўзбекистонлик олимлар ва экспертлар рўйхати тасдиқланди.
Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Алишер Эгамов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги музей фондларидан Марказ экспозициясида намойиш қилиш учун тўпланган тарихий экспонатлар ҳақида маълумот берди. Март-апрель ойида жойларга уюштирилган экспедициялар натижасида 1551 та тарихий экспонатлар аниқланган. Мамлакатимиз тарихининг турли даврларига мансуб бу тарихий буюмлар орасидан сараланганлари Марказнинг очилиши муносабати билан ўтадиган халқаро кўргазмадан жой олади.
Шунингдек, Марказ экспозицияси учун 2-тоифали медиалойиҳаларнинг илмий-амалий материаллар базасини яратиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бошқа бир қатор масалалар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати