“Ўзмиллийбанк”нинг иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича режалари
“Ўзмиллийбанк”нинг иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича режалари

Президент Шавкат Мирзиёевга “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахборот берилди.
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришда банк тизимининг иштироки тобора кенгайиб бормоқда.
Жорий йилда “Ўзмиллийбанк” томонидан мижозларга жами 38,5 триллион сўм, жумладан, юридик шахсларга 28,2 триллион сўм, жисмоний шахсларга 10,3 триллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган.
Ўтган даврда иқтисодиётнинг асосий тармоқларини, жумладан, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича 2 мингта лойиҳага 15 триллион сўм кредит йўналтирилди. Қурилиш соҳасидаги 235 та лойиҳани молиялаштириш учун 1,7 триллион сўм ажратилди.
Банкка бириктирилган 1 минг 188 та маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган 13 мингта микролойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2,8 триллион сўм кредит йўналтириш ҳамда 178 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
“Ўзмиллийбанк”нинг 2027 йилга мўлжалланган асосий вазифалари ҳам кўриб чиқилди.
Келгуси йилда банк томонидан ажратиладиган кредитлар ҳажмини 43 триллион сўмга етказиш, жумладан, иқтисодиётнинг реал секторига 18 триллион сўм, инфратузилма лойиҳаларига 5 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари банк ресурсларини, аввало, юқори қўшилган қиймат яратувчи лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринларини яратишга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.