Ўзгаришлар: рақамлар ва улар ортидаги тақдирлар
Ўзгаришлар: рақамлар ва улар ортидаги тақдирлар

Бугун Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 200 дан ошди. Улар орасида давлат олий ўқув юртлари билан бир қаторда ўнлаб нодавлат университетлар ва жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ҳам фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси бир неча баробар ошди ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ бу кўрсаткични 50 фоиздан ошириш мақсад қилиб қўйилган.
Бу рақамларнинг ортидаги жонли манзара яхшироқ таниш.
Таълим жараёни тўлиқ кредит-модул тизимига ўтказилди ва Европанинг ECTS тизими қабул қилинди. Бу қуруқ маъмурий ўзгариш эмас, бу самарқандлик талабанинг Истанбул ёки Куала-Лумпурда ўқиган семестри ўз ватанида тан олиниши демакдир. “3+1” қўшма дастурлари ёшларга икки диплом билан битириш имконини берди. Халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Бизнинг талабаларимиз Япониянинг Сетсунан университетида халқаро семинарларда қатнашмоқда, профессор-ўқитувчиларимиз АҚШнинг Саванна санъат ва дизайн коллежи (SCAD), Туркиянинг Йилдиз техника университети каби олий даргоҳларда малака оширмоқда. Университетимизнинг бугунги ҳамкорлик географияси 20 дан ортиқ мамлакатнинг қарийб 100 та университети ва йирик саноат корхонасини қамраб олади.