Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси тақдимоти

Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси тақдимоти

 

fyuvkpafvukpfyuvkpfukpfuk.jpg

 

     Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегациясининг Жазоирга сафари доирасида “Диний маърифат ва маданий мерос: Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида тақдимот ўтказилди. Тадбирда Жазоирдаги етакчи илмий марказлар, қўлёзма ва тарихий манбаларни сақлаш муассасалари вакиллари, тадқиқотчи ва маҳаллий уламолар иштирок этди.

     Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Хусусан, давлат ва дин муносабатларини соф маърифий ёндашув асосида йўлга қўйиш, диний билим бериш соҳасида илмийлик, очиқлик ва халқаро ҳамкорликни таъминлаш устувор йўналишлардан экани таъкидланди.

      Шу нуқтаи назардан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан бири сифатида алоҳида эътироф этилди. Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари – буюк муҳаддис Имом Бухорий ва ислом оламининг бошқа намояндалари қолдирган илмий меросни чуқур ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодда илмий-маърифий асосда динимизга қизиқиш ва ҳурматни ошириш, шунингдек, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат экани қайд этилди.