Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро ташаббуслари эътироф этилди
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро ташаббуслари эътироф этилди

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари – омбудсманлари билан учрашди.
Эслатиб ўтамиз, хорижий омбудсманлар мамлакатимизда ўтказилган “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Мулоқотда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, парламентлар, омбудсманлар ҳамда миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқ билан бевосита мулоқотнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Сенаторларнинг ҳудудларда аҳоли билан учрашувлари ва сайёр қабуллари, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, шунингдек, парламент назорати механизмлари орқали қонунлар ва давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Сўз олганлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро ташаббуслари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш механизмларини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.