“ЎЗБЕКИСТОН — САУДИЯ АРАБИСТОНИ” ДЎСТЛИК ЖАМИЯТИ ТУЗИЛДИ

“ЎЗБЕКИСТОН — САУДИЯ АРАБИСТОНИ” ДЎСТЛИК ЖАМИЯТИ ТУЗИЛДИ

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон — Саудия Арабистони” дўстлик жамиятини ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита вакиллари, жамият таъсисчилари, Марказ раҳбарияти, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда очиқлик, ўзаро ишонч ва халқ дипломатияси тамойилларига асосланган ташқи сиёсат изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, дунё давлатлари, хусусан ислом олами мамлакатлари билан маданий, маънавий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу йўналишда дўстлик жамиятлари фаолияти халқлар ўртасида ўзаро яқинликни кучайтириш, маданий-маърифий мулоқотни ривожлантириш ҳамда жамоат дипломатиясини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги глобаллашув шароитида дўстлик жамиятлари нафақат маданий алмашинув платформаси, балки илм-фан, туризм, таълим, маданий мерос ва гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантирувчи самарали жамоатчилик институти сифатида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида кейинги йилларда шаклланган яқин ва ишончли муносабатлар мазкур ташаббус учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий, илмий ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, халқ дипломатияси имкониятларини кенгайтириш, туризм, таълим, илм-фан ва маданий мерос соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, сўнгги йилларда юртдошларимиз учун зиёрат туризми йўналишида яратилаётган кенг имкониятлар, муқаддас қадамжоларга сафарларни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам эътироф этилди.

Йиғилишда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро гуманитар алоқаларни кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у “Ўзбекистон — Саудия Арабистони” дўстлик жамияти икки мамлакат халқлари ўртасидаги маданий ва маънавий яқинликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда халқ дипломатиясини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Таъсис йиғилишининг асосий қисмида “Ўзбекистон — Саудия Арабистони” дўстлик жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шундан сўнг жамиятнинг низоми муҳокама қилиниб тасдиқланди, аъзолар таркиби ҳамда ташкилий тузилмаси белгилаб олинди. Шунингдек, жамиятнинг келгусидаги фаолият йўналишлари, устувор вазифалари ва ҳамкорлик механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Овоз бериш жараёнида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов “Ўзбекистон — Саудия Арабистони” дўстлик жамияти раиси этиб сайланди.

Йиғилишда сўзга чиққан Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дунё давлатлари, айниқса ислом олами мамлакатлари билан ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбарининг маданий меросни асраб-авайлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳамда ислом цивилизациясининг бой меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуслари бугунги кунда ўзининг амалий самарасини бераётгани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан мусулмон давлатлари билан илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, қўлёзмалар ва ноёб манбаларни ўрганиш, қўшма илмий анжуманлар, кўргазмалар ва тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, Саудия Арабистонининг илмий муассасалари, университетлари, кутубхоналари ва маданий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши айтилди.

Қайд этилганидек, янги ташкил этилган “Ўзбекистон — Саудия Арабистони” дўстлик жамияти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий, илмий ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.