Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

 fhlkjfyhior7i8kfghjdtyuj.jpg

 

       Сўнгги йилларда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг  ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ваколатларининг такомиллашаётганлиги, шунингдек, янгиланган Конституцияда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони қабул қилинди.

       Ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди:

      а) маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш;

      б) фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш;

      в) ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш ва Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари ваколатларини мувозанатли тақсимлаш, ҳар бир бўғиндаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш;

      г) ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш.