Тошкентда 26 та кўча тун-у кун ишлайди
Тошкентда 26 та кўча тун-у кун ишлайди
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароитлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишмди.
Бу сафарги йўналиш Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини қамраб олди. Уларни Бунёдкор кўчаси боғлаб туради. Ушбу марказий кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, унинг 1,5 километр қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. Қайд этилишича, йўл бўйи обод қилинган. Ландшафт дизайни, фавворалар, турфа чироқлар ҳудудга янада кўрк бағишлаган. Одамлар сайр қилиши, овқатланиши, мазмунли дам олиши учун барча қулайликлар яратилган.
Шу мақсадда бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти туну кун ишлаш тартибига ўтказилди. Шундан 45 та корхона янги ташкил этилди. 500 киши иш билан таъминланди. Кўчага ёндош ҳудуддаги Камолон, Янги Камолон ва Камолон дарвоза маҳаллаларида 18 мингга яқин аҳоли яшайди. Бу ўзгаришлар, аввало, шу инсонлар турмушида сезилиши қайд этилди. Қолаверса, ҳозир бу жойга йилига 255 минг меҳмон ташриф буюрмоқда. Энди уларнинг сонини йилига 1 миллионга етказиш учун шароит бор.
Тошкент шаҳрида тун-у кун ишлайдиган гавжум кўчалар сони оширилиши 7 февраль куни хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилган. Йиғилишда Олмазор туманидаги 17 та кўчадан ўтган 7,3 километр узунликдаги йўлни гастрономик кўчага айлантириш лойиҳаси маъқулланди. Ушбу кўчада 250 та савдо ва сервис объектлари ташкил қилиниб, камида 1,5 минг иш ўрни яратилади.