“Тирик тарих” йирик лойиҳаси амалда
“Тирик тарих” йирик лойиҳаси амалда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи саҳифаларини холис, атрофлича ўрганиш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди. Музей 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, илгари музей-архив сифатида фаолият юритган. Унда эллик мингдан ортиқ тарихий буюм, либос, расм ва кинотасмалар бор.
Эндиликда музей Киночилар саройига кўчирилиб, кўргазмага қўйилди. Биринчи қаватда ўзбек киносининг тарихи ва асосчилари, сўнгги йиллардаги ютуқларига бағишланган. Иккинчи қаватда тарихий фильмлардаги либослар, атоқли киноижодкорлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган.
Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Яратилажак фильмларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг.
Жумладан, милоддан аввалги VI асрда яшаган миллий қаҳрамонимиз Широқ ҳақида, миллий давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган Алп Эр Тўнга, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳақида, шу пайтгача етарли ўрганилмаган шайбонийлар ҳақида, қорақалпоқ шоири Ажиниёз ва бошқа машҳур адиблар ҳақида, буюк алломаларимиз ва миллий истиқлол курашчилари ҳақида ҳикоя қилиниши кўзда тутилган.
Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, хусусан, Испания, Германия, Венгрия, Россия, Беларусь, Туркия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатларнинг кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.