Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамияти

Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамияти

ykkevryaryaryr.jpg

 

     Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

     Бу ҳақда 2025-2030 йилларда театрларда “Миллий қаҳрамон” ва “Инсон қадри учун” мавзуларида 32 та туркум спектакллар яратиш таклиф этилмоқда.

     Саҳна асарларини яратишда ижодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, драматургия ва режиссёрликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, театр драматурглари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларни таъсис этиш, “Нигоҳ” ижодий лойиҳасини йўлга қўйиш, миллий академик мусиқа санъати бўйича композиторлар танловини ўтказиш таклиф этилди.

     Маданият ва санъатнинг таълим билан узвий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талабаларнинг театрларда амалий машғулотларини кенгайтириш, театр соҳасига оид илмий-тадқиқот ишига буюртмалар бериш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

     Театр актёр ва режиссёрлари, театршунос ва санъатшуносларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилади. Театр танқидчилари ва драматурглар клуби ташкил этилиб, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланади. Ҳар йили нодавлат театрларга ҳам давлат буюртмаси берилади.

     Умумий ва олий таълим муассасаларида ҳаваскор театр жамоалари тузилиб, улар ўртасида танловлар ўтказилади. Ёшларни театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи “Театр – ибратхонадир” дастури амалга оширилади.

     Келгуси йилдан Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади. Ҳудудлардаги театр бинолари мукаммал таъмирланиб, замонавий технологиялар асосида модернизация қилинади. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига “академик” мақоми берилади.

     Бундан ташқари, тақдимотда соҳа вакилларини рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилдан бошлаб, маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорлари оширилиши белгиланди.