Тадбиркорлар учун “Бизнес ҳамроҳ” тизими

Тадбиркорлар учун “Бизнес ҳамроҳ” тизими

bez-nazvania-1.jpeg

Президент Шавкат Мирзиёев экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. 

Ўзбекистон 2030-йилга қадар экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган. Мазкур кўрсаткичга эришиш учун анъанавий бозорлар билан чекланмасдан юқори маржали янги бозорларга чиқиш зарур. Бу борада ташқи бозорлардаги етакчи истеъмол сегментлари ва юқори талабга эга маҳсулотлар бўйича чуқур таҳлил олиб борилди. Натижада қурилиш материаллари, енгил саноат, электротехника, озиқ-овқат, маиший кимё, машинасозлик ва металларга оид йўналишларда экспортни янада ошириш учун мамлакатда катта захира ҳамда имконият борлиги аниқланди.

Шу муносабат билан тақдимотда истиқболли бозор ҳисобланган мамлакатлар билан имтиёзли савдони йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириб, экспорт-импорт ҳажми ўсишига мос равишда чегара ўтказиш пунктлари инфратузилмаси ва қувватини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар маҳсулотларнинг ташқи бозорларда эгаллаган ўрни, талаб юқори бўлган товар турлари, хорижий шериклар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда экспортни диверсификация қилиш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, янги бозорларни очиш ва ташқи савдо механизмларини соддалаштириш топширилди.