Тадбиркорга ишонч –тараққиётга йўл
Тадбиркорга ишонч –тараққиётга йўл

Хива шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказган VI очиқ мулоқоти ана шу тамойилни янги иқтисодий вазифалар билан мустаҳкамлади. Унда эълон қилинган ташаббуслар тадбиркорни ғоядан барқарор корхонага, ички бозордан миллий бренд ва экспортгача етаклайдиган яхлит тизим сифатида аҳамият касб этади.
Мулоқотда мамлакатнинг барча ҳудудларидан қарийб 25 минг тадбиркор қатнашди. Давлатимиз раҳбари 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклар экан, очиқ мулоқот анъанаси йўлга қўйилган беш йил ичида бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалалар ҳал этилгани, бу йўналишда 84 та қонун ҳамда 861 та фармон ва қарор қабул қилинганини таъкидлади. Бу рақамлар давлат ва бизнес ўртасидаги мулоқот бир кунлик тадбир эмас, қарорларни ҳаёт талабидан келиб чиқиб янгилаб борадиган доимий институтга айланганини кўрсатади.
Шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти
8,5 фоизга ўсди, кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 50,5 фоизни ташкил этди. Демак, ҳар иккинчи сўмлик қўшилган қиймат ортида хусусий ташаббуснинг ҳиссаси бор. Шу боис мулоқотда белгиланган беш устувор йўналиш – барқарор молиялаштириш, ҳудудларда бизнес имкониятларини кенгайтириш, сунъий интеллектни жорий этиш, экспортни кучайтириш ва маъмурий босимни камайтириш бутун иқтисодиётнинг келгуси ўсиш суръатига дахлдор масалалардир.