Табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлайлик
Табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлайлик
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида глобал экологик муаммоларни бартараф этиш, табиий мувозанатни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида илгари сурилган қатор ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини Орол денгизи буткул қуришининг олдини олишга чақирди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этишини таъкидлади. Президентимизнинг таклифига биноан БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Орол денгизининг қуриган тубида экологик ҳолатни барқарорлаштириш муҳим масала ҳисобланади. Шу мақсадда ўтган йиллар мобайнида икки миллион гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди, келгусида унинг кўлами янада кенгайтирилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, 1 984 та яшил боғ барпо этиш, 112 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 млн. туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар яратиш кўзда тутилган.