Стратегик шериклик янада ривожлантирилади
Стратегик шериклик янада ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 29 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас Рамазон ойи кириб келаётгани билан бир-бирларини самимий табрикладилар. Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги юқори суръат ва фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилди. Томонлар яқинда бўлиб ўтган стратегик режалаштириш гуруҳининг “4+4” форматидаги учрашувининг самарали натижаларини олқишладилар.
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Туркия дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.
Томонлар ушбу мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталар янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирдилар.