Сайловчи манфаати — кун тартибида
Сайловчи манфаати — кун тартибида

2026 йил 16 ноябрда имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–247-сон Фармони ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2030 йилга қадар мўлжалланган концепцияда белгиланган устувор вазифаларни амалий механизмлар билан мустаҳкамлади.
Мазкур ҳужжат маҳаллий Кенгашлар фаолиятида учта муҳим йўналишни – ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот бериш тизимини такомиллаштириш, депутатларнинг мақоми ва фаолият кафолатларини кенгайтириш ҳамда қарорлар қабул қилишда очиқликни таъминлашни бир мақсад йўлида уйғунлаштиргани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Янги Фармон билан маҳаллий Кенгашлар сессиялари ҳамда доимий комиссиялар мажлисларида эшитиладиган ҳисобот ва ахборотлар рўйхати тўлиқ тизимлаштирилди. Аввал турли қонунчилик ҳужжатларида тарқоқ ҳолда белгиланган 20 та ваколат 6 та ягона йўналишга жамланиб, сессияда эшитиладиган 13 та ва доимий комиссияларда кўриб чиқиладиган 11 та аниқ ҳисобот турлари шакллантирилди. Бунда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг 15 та ваколати даражалар кесимида аниқ ажратилгани жойларда иш юритишни анча енгиллаштиради. Эндиликда, ҳар бир даражадаги Кенгаш ўз ҳудудига мос масалаларга эътибор қаратади ҳамда ортиқча такрорланишлар барҳам топади.
Яна бир эътиборга молик жиҳат жиҳати шундаки, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўз ҳисоботини белгиланган муддатда шахсан тақдим этиши ва ўз фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилаётганда сессияларда шахсан иштирок этиши шарт қилиб белгиланганидир.