Рақамли технологияларни ривожлантириш режалари

Рақамли технологияларни ривожлантириш режалари

20241228121536.jpeg

       Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни сунъий интеллект технологияларини ҳамда телекоммуникацияларни ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.

      “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш вазифаси белгиланган. Шу мақсад йўлида рақамли технологиялар босқичма-босқич ривожлантириб келинмоқда. Барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилиб, бу соҳада ўқиш ва ишлаш учун имконият кенгайди. Интернет тезлиги ва қамрови ошди. 190 мингдан зиёд аҳоли ишли бўлди.

      Сўнгги йилларда соҳада 3 миллиард доллар инвестициялар ўзлаштирилган. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2017 йилга нисбатан 8,5 баробар ўсиб, уларнинг сони мингтадан ошган. Бугун соҳа вакилларининг ҳар ўнтадан биттаси шундай халқаро корхона. Шунингдек, етти йил аввал 12 та экспортчи корхона бўлган бўлса, бу йил 650 та бўлди. Йил якуни билан ахборот технологиялари ва алоқа хизматлари экспорти 900 миллион доллардан ошади.

      Ҳаётнинг турли жабҳаларида сунъий интеллектни қўллаш кенгаймоқда. Шундай технология асосида 20 дан ортиқ лойиҳалар ишга тушди. Тармоқ ва йирик корхоналар бўйича яна 70 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида Ўзбекистон 17 та поғонага кўтарилди.

     Ўзбекистон Президентининг шу йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини кўпайтириш, техник инфратузилмани кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган.