Президентнинг давлат хизматини ислоҳ қилишга доир янги фармони

 

Президентнинг давлат хизматини ислоҳ қилишга доир янги фармони

 

ypafuykepfkepfukep.jpg 

     Президенти Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда давлат хизматчиларининг касбий ва самарадорликка йўналтирилган корпусини шакллантириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

     Ҳужжат «давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш»га қаратилган.

     Фармонда давлат хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. 2025−2026 йилларда соҳани ислоҳ қилишнинг қуйидаги йўналишлари кўрсатилган:

  • замонавий услуб ва механизмларни, шунингдек, давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг яхлит тизимини жорий этиш;

  • давлат органларида салоҳиятли ва истиқболли бошқарув кадрлари захирасини шакллантириш, янги авлод бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

  • ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб бутун иш ҳаёти давомида зарур билим ва касбий малакаларнинг узлуксиз ривожланишини назорат қилиш;

  • хотин-қизларнинг давлат хизматига бўлган қизиқиши, садоқат ва ишончини ошириш, уларни соҳага кенгроқ жалб этиш;

  • одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш ва давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида касбий маданиятини ошириш орқали аҳолининг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш;

  • самарали меҳнатга интилишни кучайтириш, касбий маҳоратини ривожлантириш ва давлат хизматчиларининг юқори натижаларга қизиқишини оширишга қаратилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг жозибадор механизмларини жорий этиш.

     Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқарув академияси, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ўртасидаги доимий ҳамкорлик асосида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг ягона тизими ташкил этилади.