Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси
Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси
19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Олий Мажлис Сенатига сайлов натижалари тўғрисида ахборот берди. Асосий қонунимизга мувофиқ, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – 4 кишидан сайланди. Яна 9 нафар сенатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак ишончга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.
Юқори палатанинг аввалги таркиби мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшгани таъкидланди. Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилган, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилган. Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошган. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етган.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди. Сенатга ҳам қонунчилик таклифи киритиш ҳуқуқи берилди.
Мажлисда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 101-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига номзод тақдим қилди.
Яширин овоз бериш орқали Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Нарбаева сайланди. Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига Аманбай Оринбаев сайланди.
Кун тартибига мувофиқ, Сенатда 7 та қўмита ва битта комиссия тузилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатинингтегишли қарорлари қабул қилинди.