Нодирабегим

Нодирабегим

 caporavcporcaprt.jpg

     Нодира —Моҳларойим XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод этган машҳур шоира, давлат арбоби, маданият ва адабиёт ҳомийсидир. Шоира 1792 йили Андижон ҳокими Раҳмонқулбий оиласида таваллуд топди. Унинг онаси Ойшабегим маърифатли аёл бўлган. Ўзининг оилавий силсиласига кўра Бобур наслига мансуб бўлиб, шоиранинг ота-онаси ҳам даврнинг эътиборли кишилари эдилар.

     Моҳларойимнинг таълим-тарбияси шу муҳитда камолотга етди ва у таҳсил йилларида халқимизнинг тарихи, маданияти, илм ва адабиёти равнақидан яхшигина хабардор бўлиб ўсди.

     Моҳларойим шеъриятга жуда эрта ҳавас қўйди. Устоз Навоий, Жомий ва Бедил каби алломаларнинг асарларига бўлган эътиқодмандлик билан руҳан баркамоллашиб борди.

     Маълумки, бу йилларда Қўқон хонлигини Олимхон идора қиларди. Унинг укаси Умархон эса Фаргона водийсининг нуфузли шаҳарларидан бўлган Марғилонда ҳоким эди. 1807 йилларда илгаридан бир-бирларига кўнгил қўйиб, севишиб келган Умархон ва Моҳларойим турмуш қурадилар. Шу муносабат билан Моҳларойим Марғилонга келади. Кўп ўтмай Қўқон хонлигида давом қилиб келаётган зиддиятлар оқибатида 1810 йили Олимхон қатл этилиб, унинг ўрнига Умархон тахтга кўтарилади. Шундан бошлаб Моҳларойим тақдири Қўқон билан боғланиб қолади. Унинг шоира сифатида кенг кўламда ижод майдонига кириб келиши ҳам шу йилларга тўғри келди.

     Нодира Қўқонда хон саройида экан, давлат ишларидан ҳам воқиф бўлиб борарди. Хусусан, адабиёт ва санъат аҳли билан яқинлашишга, кўп асрлик адабиётимиз йўлидан бориб, давр шеъриятини юқори кўтаришга астойдил киришади. Моҳларойим ва Умархоннинг оиласида икки ўғил туғилади. Муҳаммад Алихон ва Султон Маҳмудхонлар ўсиб-улғайиб борадилар. Умархоннинг 1822 йили бевақт вафотидан кейин ёш Муҳаммад Алихон давлатни бошқаришга киришади. Нодира ҳам ёш ўғлининг ёнига кириб мамлакатни бошқариш ишида фаол иштирок эта бошлади.

     Нодиранинг маданият ва адабиёт ҳомийси сифатидаги сарварлиги алоҳида таъкидланади. Аммо хонликлар ўртасида давом этиб турган муттасил келишмовчиликлар Моҳларойимнинг ўз фаолиятини кенг равнақ топтиришига раҳна солиб туради. Оқибат шунга олиб келадики, Бухоро амири Насрулло турли важ-корсонлар билан Қўқон устига бостириб келиб, гўё бу ерда изидан чиққан шариат қоидаларини низомга солмоқчи бўлади. Хонликнинг ҳамма эътиборли кишиларини таъқиб этади ва Моҳларойимни икки ўғли — Муҳаммад Алихон, Султон Маҳмудхон ва набираси Муҳаммад Аминхонни ваҳшийларча қатл этади. Ўзбек халқининг ажойиб шоирасининг ҳаёти шу йўсинда фожиали якун топади.

     Моҳларойимдан бизгача ўзбек ва форс-тожик тилларида «Комила», «Нодира» ва «Макнуна» тахаллуслари билан яратилган лирик асарлардан иборат катта мерос етиб келган. Нодиранинг ўзбек ва форс-тожик тилидаги девонлари шу тилларда ёзилган дебочалар билан бошланади. Ушбу дебочаларни шоиранинг ҳаёт йўли, ижод боскичлари, уни ўраб турган адабий муҳитнинг хусусиятлари, сўз бораётган девонларнинг мундарижалари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлган манба сифатида баҳолаш мумкин.

     Нодира ижод борасида Алишер Навоийни ўзига устоз деб билди. Навоий ижодининг асосий мазмуни унинг инсонпарварлиги билан изоҳланади. Нодира инсоннинг руҳий ҳолатини баланд оҳангларда тараннум этади. У ўз ижодида дунёвийлик билан бир қаторда тасаввуфнинг нақшбандия йўналишига асосланган бир бутунлик билан инсоннинг жамият ва табиатга муносабатини ҳам, илоҳий муҳаббат йўлидаги руҳий дунёсини ҳам жуда гўзал ва жонли мисраларда ифодалаб беради. Шоира учун ишқ, гўзаллик, ундан завқлана билиш керак.

     Ўз давридаёқ шеърият маликасига айланган Нодира бизнинг замонамизга ҳам нафис сўз санъаткори сифатидаги фазилатлари билан кириб келди. Нодира меросининг катта ва кичик қўлёзмалари халқимиз қўлига етиб келиши билан улар матний жиҳатдан ўрганилиб, бир қатор нашрлар юзага чиқди. Жумладан, шоиранинг 60-йилларда чоп этилган илк сайланмаси кейинча шоира асарларининг алоҳида жилдлари сифатида бойиди (Нодира. Девон, 2-жилд, 3-китоб, 1968—72-йиллар). 1968—72 йилларда шоиранинг икки том, уч китобдан иборат ўзбекча ва форс-тожик тилидаги девони мухлислар қўлига етиб борди (форсий ғазаллари насрий таржимаси билан). Нодира асарлари Тожикистон ва Афғонистонда чоп этилди, уларнинг русча таржималари Санкт-Петербурглик шарқшунос олим С. Н. Иванов таржимасида рус китобхонларига ҳам етиб борди.

     1992 йилда мамлакатимизда шоира таваллудининг 200 йиллиги Қўқон, Андижон ва бошқа шаҳарларда кенг нишонланиб, пойтахтимизда ўтказилган илмий анжуманлар ва тантанали кечалар билан якунланди. Шу йилларда «Давр Нодираси», «Эй сарви равон» китоблари чоп этилди. 1994 йилда «Фан» нашриёти «Увайсий ва Нодира шеърлари»дан иборат ўзбек шоирлари баёзи туркумли яна бир янги нашрни китобхонларга ҳадя этди. Бадиий адабиётда эса Нодира образи гавдалантирилди, драма, роман, кинофильмлар яратилди.

     Шаҳар ва қишлоқларда бу ҳассос ижодкор номи билан аталган кинотеатрлар, кўчалар, кутубхоналар ва маданият масканлари мавжуд.