Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича устувор вазифалар белгиланди
Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича устувор вазифалар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтириш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда иқтисодий ўсиш, хорижий инвестициялар ва экспорт бўйича белгиланган марраларга эришиш ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини тўлиқ ишга солишни талаб этади. Наманганда ҳам юқори технологиялар, замонавий саноат ва хизматлар ҳисобидан тараққиётга янги суръат бериш учун кенг салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Жорий йил якунида вилоятга жалб этилган хорижий инвестициялар 5,4 миллиард долларга, экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Келгуси йилда иқтисодиётни 9,5 фоизга ўстириш, хорижий инвестицияларни 7-8 миллиард долларга, экспортни эса 1,3 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
Бу мақсадлар учун умумий қиймати 5,4 миллиард долларлик янги инвестиция таклифлари шакллантирилган. Давлатимиз раҳбари уларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, инвесторларга зарур шароит яратиш ва ҳар бир ташаббус ижросини қатъий назоратга олиш вазифасини қўйди.