Муҳокамада стратегик дастур лойиҳаси
Муҳокамада стратегик дастур лойиҳаси

Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирокида онлайн мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини халқаро даражада қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш, бугунги вазифалар, истиқболдаги мақсадлар, 2025–2028 йилларга мўлжалланган уч йиллик стратегик дастур лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди. Дастур асосида хорижий ҳамкорларни аниқлаш, уларнинг рўйхатини шакллантириш ва халқаро ташкилотлар, жумладан UNESCO билан ҳамкорликни кучайтириш белгиланди.
Хорижий музейлар, кутубхоналар ва илмий марказларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид манбалар, қўлёзмалар ва артефактларни излаб топиш, рақамлаштириш ва мамлакатга олиб келиш ишлари дастурнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Марказ контентини илмий-инновацион асосда бойитиш, халқаро тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма фильмлар, кўргазмалар ва форумлар ташкил этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди.
Жаҳон жамоатчилигини марказ фаолияти билан яқиндан таништириш учун пресс-турлар, медиа тадбирлар ва форумлар ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, марказнинг очилиш маросимида 40 дан ортиқ нуфузли халқаро музейлар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
114 та нодир Қуръони Карим нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва экспозицияда намойиш этиш ҳамда “Янги Ўзбекистон Қуръони” лойиҳасини амалга ошириш режаси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, “Буюк аждодлар мероси – маърифатли келажак асоси” IX халқаро конгресни марказ биносида ўтказиш, бинода халқаро ташкилотлар офисларини жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди.