Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Синодир.
Абу Али Ибн Сино

Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Синодир. Европада даҳо Авиценна номи билан машҳурдир.
Ибн Сино Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 980 йилнинг сафар ойида, амаддор оиласида туғилди. 986 йилда ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вактдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади.
Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳри ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тездан эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ қуъони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирла-ининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилди. 999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учради.
1000 йилда ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди.
Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Абивард, Туе, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди.
1019-21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди.
Умрининг сўнгги йилларида урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.