Мангуберди мероси – ватанпарварлик тимсоли
Мангуберди мероси – ватанпарварлик тимсоли

Урганчда “Жалолиддин Мангуберди мероси ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий ёндашувлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Мазкур нуфузли анжуман юртимизнинг етук олимлари, соҳа мутахассислари ҳамда таълим муассасалари раҳбарларини бир манзилга жамлади.
Анжуман доирасида ялпи мажлис ташкил этилиб, унда сўзга чиққан маърузачилар томонидан Жалолиддин Мангубердининг бой тарихий мероси, унинг жасорати ва саркардалик салоҳияти, шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Маърузаларда Жалолиддин Мангуберди шахсиятига тарихий ва замонавий ёндашувлар, унинг мардлик ва жасорат тимсоли сифатидаги ўрни, ҳарбий маҳорати ва тактикасининг ўзига хос жиҳатлари кенг ёритилди.
Шунингдек, Хоразмшоҳлар давлатининг тарихий ривожи, миллий ҳарбий мерос ва армия анъаналари, замонавий ҳарбий таълим тизими ҳамда ёшлар онгини юксалтиришда тарихий мероснинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.