Малайзия Ислом санъати музейида ўтказилган давра суҳбати якунлари тўғрисида
Малайзия Ислом санъати музейида ўтказилган
давра суҳбати якунлари тўғрисида
МАЪЛУМОТ

2025 йил 4 февраль куни Малайзия Ислом санъати музейида “Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ал-Бухорий фонди раиси Саид Мухтор Бухорийнинг ўғли Саид Даниел Бухорий, Малайзия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги исломни англаш институти, Малайзия ислом маданияти институти, Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти, Ислом илмлари университети, Халқаро ислом университети ва бошқа нуфузли таълим, илмий-тадқиқот муассасаларининг етакчи экспертлари (жами 50 нафар) қатнашди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро марказлари каби йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Илмий-тадқиқот марказлари фаолиятига оид махсус фильмлар намойиш этилди. Ўзбекистон Президентининг “Малайзия ислом санъати музейи” китоб-альбомидаги сўз бошиси Малайзия илмий жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилинди.
Малайзия жамоатчилиги Ўзбекистон Президентининг Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусидан ҳайратда эканликларини билдирдилар. Бундай жаҳоншумул лойиҳа мусулмон уммати учун ўта зарур эканлиги, ёшларни маърифатли исломга чорлашда катта имкониятлар тақдим этишини қайд этдилар.
Давра суҳбати якунида Малайзия ва Ўзбекистон олимларининг ҳамкорликдаги декларацияси қабул қилинди. Унга кўра:
- Малайзия ва Ўзбекистоннинг етакчи таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олимларидан иборат экпертлар жамиятини ташкил этишга келишиб олинди.
- Мазкур жамиятини Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази, Малайзия томонидан Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти томонидан юритилишига қарор қилинди.
- Жамиятнинг биринчи қўшма йиғилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг расмий очилиши арафасида ташкил этилади.
Малайзия томони Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислом маданиятини асраб-авайлаш, буюк алломалар асарларини тадқиқ этиш соҳасига қаратаётган юксак эътибори учун миннатдорлик рамзи сифатида ўзбекистонлик тадқиқотчилар учун 100 000 дан ортиқ қўлёзмалар, ноёб нашрларнинг электрон нусхасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатни топширди.
Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти ва Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Давра суҳбати иши Малайзия ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

















