Малайзия делегацияси Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишди

Малайзия делегацияси Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Малайзия делегациясининг ташрифи давом этмоқда. Ташриф доирасида меҳмонлар марказнинг барча экспозиция заллари билан танишиб, нодир қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва замонавий интерактив технологиялар билан яқиндан танишдилар.

Малайзия технология университети Raja Zarith Sofiah Centre for Advanced Studies on Islam, Science and Civilization директори Доктор Моҳд Ҳилми Рамли марказ фаолиятига юқори баҳо берди.

— “Ўзбекистондаги ушбу марказ жуда муҳташам ва илмий жиҳатдан бой маскан экан. Бу ерда Ислом цивилизацияси мероси нафақат сақланмоқда, балки замонавий технологиялар орқали кенг тарғиб этилмоқда. Музей экспозициялари орқали тарихни нафақат кўрамиз, балки уни ҳис қиламиз,” — деди Доктор Моҳд Ҳилми Рамли.

Марказ билан танишув жараёнида меҳмонлар Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври, шунингдек, буюк алломалар меросига бағишланган экспозицияларни кўздан кечирдилар.

Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Доктор Моҳд Асри бин Зайнул Обидин ҳам марказ ҳақида ўз фикрини билдирди.

— “Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мотуридий каби улуғ алломаларнинг меросини бу ерда кўриш менда катта таассурот қолдирди. Бу марказ ёш авлод учун ҳақиқий илҳом манбаи ҳисобланади,” — деди у.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 5 май куни Ислом цивилизацияси марказида Малайзия билан ҳамкорликда “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Анжуманда Малайзия, Ўзбекистон ва Туркиядан 300 га яқин олимлар иштирок этиб, Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг замонавий йўналишлари муҳокама қилинди.