Маданий мулоқот: Хитой делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Маданий мулоқот: Хитой делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро бўлим бошлиғи Лю Цзяньчао бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, маданий-маърифий йўналишдаги ташаббуслар ва марказнинг динлараро мулоқотдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.
Хитой вакили Лю Цзяньчао Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Мен бу ерда бўлганимдан жуда хурсандман, чунки ҳали тўлиқ очилмаган ва қуриб битказилмаган бўлса-да, Ислом цивилизацияси марказининг улуғворлигини кўра олдим. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ислом цивилизациясининг моҳиятини дунёга танитиш мақсадида қабул қилинган бу қарор мени ҳайратда қолдирди. Ушбу марказнинг қурилиши жуда муҳим ва ажойиб ғоя деб ўйлайман. Республикамиз раиси Си Цзиньпин глобал цивилизация ташаббусини илгари сурди, бу эса давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги буюк ғояларнинг уйғунлигини акс эттиради деб ҳисоблайман. Ушбу марказ режалаштирилганидек очилишига тилакдошман ва бутун дунёдан бу марказга қизиқиш билдирилишига ишончим комил”.
Шу билан бирга, меҳмонлар Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг ислом ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси билан таништирилди. Хитой делегацияси музей экспозициялари ҳақида батафсил маълумот олди.




