Қуръон зали: ноёб қўлёзмаларни намойиш этиш лойиҳаси муҳокамада
Қуръон зали: ноёб қўлёзмаларни намойиш этиш лойиҳаси муҳокамада
Президент ташаббуси билан қурилаётган Ислом цивилизацияси марказида Қуръон зали экспозициясини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда уни керакли контент билан бойитиш ва ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
Куни кеча ушбу лойиҳа бўйича муҳокама учрашуви ўтказилди. Унда 114 та Қуръон қўлёзмаларини намойиш этиш учун витриналар жойлаштирилиши, уларнинг ўлчами ва дизайнига оид масалалар кўриб чиқилди.
Музокарада Бош муҳандис Абдувоҳид Дадамухаммедов, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси ходими Рустам Алимов, “Трест-12” АЖ дизайнери Отабек Қудратов ва Қуръон зали координатори Азимжон Ғофуров иштирок этди.
Йиғилишда витриналарнинг ҳарорат ва намликни сақлаш хусусиятлари, ёритиш тизими, ультра бинафша нурларнинг таъсири, ёнғинга чидамлилиги ҳамда экспонатлар ҳимояси билан боғлиқ техник талаблар муҳокама қилинди. Шунингдек, Қуръон қўлёзмалари бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун, Қуръон залида Ўзбекистонга алоқадор 114 та ноёб Қуръон қўлёзмалари жамланади. Улар орасида Ҳазрати Усмон Қуръони, VIII асрга мансуб Катта Лангар Қуръони, шунингдек, турли тарихий сулолалар даврида юртимизда кўчирилган ёки сақлаб келинган ноёб нусхалар бор.
Шу билан бирга, Қуръон залида мультимедиа маҳсулотларини намойиш этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати


