Қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди
Қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди

Август ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда анъанавий тарзда Қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана замирида минглаб қурувчилар, меъморлар, муҳандислар, лойиҳачилар ва соҳа мутахассисларининг машаққатли меҳнати мужассам.
Бугун уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик қиёфаси шаклланмоқда. Шу боис мазкур сана нафақат касб байрами, балки қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш, эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва келгуси мақсадларни белгилаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари, қурилиш соҳаси фахрийлари, тизимдаги меҳнат жамоалари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўқиб эшиттирди.
Давлат раҳбари ўз табригида мамлакатимизда қурилиш соҳаси сўнгги йилларда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланганини таъкидлади. Сўнгги 9 йилда мамлакатимизда 210 миллион квадрат метрдан ортиқ бино ва иншоотлар барпо этилди. 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бу натижалар юз минглаб оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни замонавий ва қулай турар жойлар билан таъминлаш имконини кенгайтирди. Ўтган йилнинг ўзида 135 мингта хонадонга эга уй-жойлар барпо этилган бўлса, жорий йилда яна 140 мингта янги хонадон фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2040 йилга қадар мамлакатимизда йилига барпо этиладиган уй-жойлар сонини 280 мингтага етказиш, «Янги Ўзбекистон» массивлари сонини эса 61 тадан 120 тага кўпайтириш мақсад қилинган. Қурилиш ишлари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Хусусан, бу кўрсаткич 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан 314 триллион сўмга етди. Бугун қурилиш соҳаси иқтисодий ўсишни жадаллаштирувчи, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи стратегик йўналишга айланган. Қурилиш, қурилиш материаллари саноати ҳамда унга яқин тармоқларда 3,5 миллиондан ортиқ фуқаро меҳнат қилаётгани бунинг яққол далилидир.